Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ватан ҳимояси - муқаддас бурч

 
 

Тинчлик бебаҳо неьмат, осуда ҳаёт бахту-саодат. Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги. Ҳозирда эришилган улкан ўзгаришлар ва келажакдаги буюк тараққиётлар омили айнан мана шу тинчлик ва осудалик сабабидан юзага келади. Шу боисдан ҳам мустақилликнинг илк даврлариданоқ Ўзбекистон қуролли кучларини шакллантиришга алоҳида эьтибор берилди. Бугунги кунга келиб эса замонавий, ихчам ва ҳар томонлама яхши қуролланган, жисмоний ва интеллектуал билимга эга, юртимиз сарҳадларини ҳар қандай ташқи хавфдан химоя қилишга қодир миллий армиямиз шаклланди.

Инсонда икки нарсани танлаш имкони йўқ. Бири ота-она, иккинчиси Ватан. Шу боисдан ҳам ота-она қанча муҳтарам ва маҳбуб булса, Ватан ҳам шунчалар азиз ва муқаддас саналади. Шу сабабидан ҳам инсон юртидан олис кетса уни соғинади, юртини ободлиги учун жон куйдириб меҳнат қилади, яхши кўриб уни барча ёмонликлардан ҳимоя қилади. Юртининг ҳимояси йўлида қалблари садоқату-жасоратга тўла, оғир аммо ўта шарафли бу касб эгаларига ажр савоблар ваъда қилинган. Зеро, Росулуллоҳ (соллаллоху алайхи вассалам): “Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш, минг кун рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир” - дея марҳамат қилганлар (имом Ахмад ва имом Табароний ривоятдан).

Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга хиёнат этиш кечириб бўлмас гуноҳи азийм эканлиги ҳақида ҳам динимизда қаттиқ таъкидланган. Жумладан, Абу Ҳурайра (розиёллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в): “Ҳалокатга элтувчи етти амалдан сақланинглар” – деганлар.  Шу вақтда саҳобалар “Ё Расулаллоҳ улар нима?” - дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, ноҳақ бировни ўлдириш, судхўрлик, етимнинг ҳаққини ейиш, Ватан ҳимоясидан қочиш, иффатли мўъмина аёлга туҳмат қилишдир” - дедилар. (Имом Бухорий).

Ватан ҳимоячилари Аллоҳнинг амрини адо этаётган, нақадар шарафли, ҳавас қилишга, фахрланишга арзигулик инсонлардир. Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи вассалам): “Икки кўз соҳибига дўзах олови тегмайди. Бири тунда Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз. Иккинчиси: Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз” – деб марҳамат қилдилар. ( Имом Термизий ривояти).

Шайҳ Муҳаммад Ғаззолий Ватан ҳақида шундай деганлар: “Инсон ўз ерини, ундаги нарсалар билан гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқлик, қалбдаги асл туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни Ватанида яшаб турганида хотиржам, ундан йирокда бўлганида соғинадиган, унга ҳужум қилинганида уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганида ғазабланадиган қилиб қўяди”.

Юртимизда 14-январ – “Ватан ҳимоячилари куни” этиб белгиланган. Шундай экан, Ватанимиз осудалиги, халқимиз тинчлиги, аждодлардан мерос бўлиб қолган маьнавий-моддий бойликларимизнинг ҳимоячилари, Ватан поспонлари, шижоатли ўғлонларимизнинг касб байрамлари муборак бўлсин. Аллоҳ таоло уларнинг шарафли ва савобли ишларида Ўзи мададкор бўлсин.

 

Пастдарғом тумани “Чандиробод” жоме масжиди имом-хатиби Нурулло ўғли Насруллохон


Киритилган вақти: 07/01/2021 10:08;   Кўрилганлиги: 779
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/vatan-himoyasi-muqaddas-burch
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 11:38
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг