Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Умр ғанимат

 
 

Бу синов дунёси уч кундир: кеча, бугун, эртага.

Бир донишманд: “(Дунё) бир ҳовлининг икки эшиги, уларнинг биридан кириб бошкасидан чиқиб кетасан”, деган экан . Чиндан ҳам, умр ғанимат. Уни фойдали ишларга сарфлаб, яхшилик қилиб ўтказсак, икки дунё саодатига эришамиз.

Улуғлардан бири: “Кечаги кундан ибрат олиб, бугунги кунни ғанимат билиб яшагин, эртанги кунга етмаслигинг мумкин”, деган эканлар. Биз учун умримиз неча кундан иборатлиги эмас, балки бугунги кунимизда, айни лаҳзаларда қандай яшай олишимиз муҳим. Бугунимизни - ҳозиримизни қандай ўтказишимиз аҳамиятли. Зеро, улуғлар айтганидек, одамзот ҳаёти тежалган вақтга қараб узаяди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: (У) сизларнинг қайсизларингиз чиройлирок (савоблирок) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва хаётни яратган зотдир. У қудратли ва кечиримлидир (Мулк, 2).

Пайғамбаримиз (С.А.В.): Беш нарса келишидан олдин ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, касал булишдан бурун саломатликни, фақирликдан бурун бойликни, машғулликдан бурун ҳаётни” деганлар.

Баҳоуддин Нақшбанд бундай насиҳат қиладилар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое кетишига йўл қўйманг ва ундан эхтиёт булинг”.

Лаҳзанинг умри асрга тенг бўлиши мумкин. Умр яшалган фурсат билан эмас, балки ана шу вақт ичида қилинган яхши амаллардан мазмун топади. Шунинг учун ҳам кимнинг қанча яшагани эмас, қандай яшагани эътиборли. Ақл заковат билан вақтни ҳисоб қилишга ва уни жиловлашга ҳаракат қиламиз. Аммо ўтаётган вақтнинг зиммамизда ҳаққи борлигини ўйлаб кўрмаймиз.

Фан ва техника ривожланган замонимизда узоқни яқин қилувчи уловлар, қулай алоқа воситалари қанчадан – қанча вақтимизни тежайди.Ажабланарлиси, бу имкониятлар қанча кўпайса, вақтимиз камлигидан, улгуролмаётганимиздан шунча кўп шикоят қиламиз.

Ҳасан Басрий айтган экан: “Эй одам боласи, аслида сен кунлар йиғиндисидан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, бир бўлагининг кетибди”. Чиндан ҳам вақт моҳиятини англаш ажойиб фазилат. Улуғ ниятлар йўлида бугандан, айни лаҳзалардан бошлаб ишга киришиш олий ҳиммат белгиси.

С.Рўзиев - Каттақўрғон туман “Қорираво” масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 13/10/2020 13:09;   Кўрилганлиги: 47
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/articles/actual/umr-ganimat
Чоп этилган вақт: 24/10/2020 16:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг