Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Шаҳодат–буюк мақом

 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ва шахсан ўз номимдан 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида қурбон бўлганларнинг оилалари, қариндош-уруғлари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этаман.

Азиз юртдошлар, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳаётдан кўз юмган азиз фарзандларимиз ҳалол меҳнат қилиб, ўз яқинлари, жонажон халқимиз ва она-Ватанимиз учун катта хизмат қилган юрт ўғлонлари сифатида ҳар доим ёдимизда қолади. Бундай раҳматли ўғилларимизнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши ҳақида кўп айтилган. Элу юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва аҳли оила нафақаси йўлида ҳалок бўлган ушбу йигитларимизнинг охиратлари обод бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз.

Мана шундай хайрли ишларни адо этиш чоғида ҳалок бўлган фарзандларимизнинг Охиратдаги даражалари ҳам юксак бўлади, инша Аллоҳ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳидлар бештадир: вабода ўлган, қорин касаллиги билан ўлган, сувга ғарқ бўлиб ўлган, қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган ва Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар», дедилар.

Шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, тупроқ остида қолганлар, шу ҳадисга мувофиқ бўлишига ва уларнинг мақомлари ҳам шаҳидликда бўлишини чин юракдан умид қиламиз.

Марҳум ватандошларимизнинг жасадлари уйларига етказилиб, маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар вакиллари, қавму қариндошлар ва имом-домлалар иштирокида жаноза маросимлари ўтказилди. Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги бош имом-хатибларимиз дафн маросимларини ўтказишда бош бўлдилар. Жаноза маросимларида йиғилганларга ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг Қиёмат кунидаги даражалари тўғрисида сўзлаб, уларнинг ҳақларига дуолар қилиб, мағфират сўралди ҳамда яқинларига тасалли берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиблари, олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасалари талабалари томонидан 100 га яқин хатми Қуръонлар ўқилиб, вафот этган биродарларимиз руҳи покларига бағшида этилди. Хатми Қуръонлар якунида Яратган Парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамрох айлашини, гуноҳлари мағфират этилишини, ётган жойлари Фирдавс жаннатидан бир боғ бўлиши илтижо қилиб сўралди. 

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз Япония давлатида расмий ташрифда бўлишларига қарамасдан халқ манфаати ва тинчлигини ҳар нарсадан устун билиб, зудлик билан бахтсиз ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш учун Ҳукумат комиссияси тузиш юзасидан кўрсатма бердилар. Ушбу Комиссия давлатимиз Раҳбари берган топшириқни жадаллик билан бажарди. Шунингдек, келгусида шунга ўхшаш фожиали ҳолатлар такрорланиши олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳукумат комиссияси қарорига мувофиқ нобуд бўлганларнинг оилаларига 100 миллион сўмлик дастлабки товон пуллари тўланди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан қўшимча компенсация пуллари тўлаб берилади. Ишончимиз комилки, Ҳукуматимиз фожиали вафот этганларнинг оилалари учун муносиб ҳаётни таъминлаш учун барча шарт-шароитларни яратиб беради.

Айни кунларда вилоятлар ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари мазкур бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган марҳумларнинг оилаларидан хабар олиб, зарур ёрдамлар кўрсатмоқдалар. Айниқса, жойлардаги имом-хатиблар мусибат етган хонадон аҳллари билан доимо бирга бўлиб, уларнинг қайғуларига чин қалбдан шерик эканлари маҳзун кўнгилларни ёриштирмоқда.

Шу ўринда муҳтарам Президентимиз тавсиялари асосида пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига ҳар томонлама қулай ва арзон транспорт воситаси ҳисобланган метро тармоғининг барпо этилиши халқимиз учун жуда кенг имкониятларни тақдим этишини қайд этмоқ даркор. Бундай ишларни аҳоли талабини инобатга олиб ва келажакни ўйлаб қилинаётгани билан янада аҳамиятлидир. Буларнинг барчаси, давлатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асосий мақсади “Одамларни ҳаётдан рози қилиш – асосий мезон” деган юксак тамойилга қаратилганига далилдир. Шу нуқтаи-назардан, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида ҳалок бўлган раҳматли ўғлонларнинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу яшайди. Бу ёруғ ва дориломон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш ушбу юртдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир.

Қуръони каримда: “...Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин...” (Ҳашр, 10), дея мўмин киши марҳумлар ҳаққига хайрли дуо қилишга буюрилади.

Шундай экан, марҳумларнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қилиб, самимий ҳамдардлик билдирамиз. Парвардигоримиз қурбонларни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин, ортларида қолган аҳли байти ва фарзандларига сабру жамил берсин! Аллоҳ таоло юртимизни турли балои-қазолардан, фалокат ва фожиалардан ўзи асрасин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Манба: Muslim.uz


Киритилган вақти: 23/12/2019 16:08;   Кўрилганлиги: 1168
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/shahodatbuyuk-maqom
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 19:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг