Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қурбонлик бу-дунё молидан воз кеча олишдир

 
 

Имоми Аъзам мазҳабига кўра қурбонлик куни ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш закот ва фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собит бўлган.

Қурбонликнинг вожиблигига далиллар:

“Бас, Раббинга намоз ўқи ва жонлиқ сўйиб қурбонлик қил!”. (Кавсар сураси, 2).

Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Унинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Ким имконга эга бўлиб қурбонлик қилмаган бўлса зинҳор номозгоҳимизга яқинлашмасин”. Аҳмад ва ибн Можа ривоят қилган.

Имконга эга бўлишнинг шартини уломаларимиз фитр садақани вожиб қиладиган миқдор деганлар.Закот нисоби фақат закот чиқариладиган ўсувчи моллардан ҳисоб қилинади. Фитр садақасининг нисоби эса аслий ҳожатдан ташқари мол-мулклар ҳам ҳисоб қилинади.  Закот беролмайдиган бойлар яъни, фитр садақаси вожиб бўлганлар ҳожати аслиясидан, ўзи ва оиласидан ортиқча молу дунёсини ҳисоблаганда нисобга етса, улардан бир йил ўтиши шарт эмас, яъни, фитр садақаси берадиган куни, қурбонлик қиладиган куни ортиқча молу дунёсини ҳисоблайди-да, агар закот нисобига етган бўлса, фитр закоти ва қурбонлик амалини қилаверади.

Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: «Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир. Атийра нималигини биласизларми? У сизлар, ражабия, деб атайдиган нарсадир»-деганларини эшитдим». Сунан эгалари ривоят қилган.

«Кавсар» сурасининг ояти ва ушбу ҳадислар Ҳанафий мазҳаби уламоларининг ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир, деган гапларига ҳужжатдир.

Қурбонликнинг шартлари: Қурбонликни мусулмон, муқим, молиявий имконияти мавжуд киши сўяди. Мусулмонликни шарт қилинишига сабаб қурбонлик Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодатдир. Ибодат қабул бўлиши учун эса ислом шарт қилинади.

Муқим кишига вожиб, мусофирга эмас. Чунки ушбу ибодат шартларини адо қилиш мусофирга машаққат туғдиргани учундир. Мусофир кишига жума намози фарз бўлмаганидек қурбонлик қилиш ҳам вожиб бўлмайди. Шунингдек улуғ саҳобалардан, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар мусофир бўлсалар қурбонлик қилмасдилар. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусофирга жумъа ва қурбонлик шарт қилинмайди”. Агар бирор кимса қурбонлик сўйиш вақтигача мазкур пул маблағига эга бўлса яъни, у пулга бир йил тўлмаса ҳам унга қурбонлик вожиб бўлади.

Қурбонлик қилувчи  ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин, қурбонликни ўз қўли билан сўйса афзал, қурбонликни сўйишда «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар!» демоқ керак,қурбонликни сўйиш пайтидан кимданлигини айтиш мумкиндир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. Бас, у зот уни ўз қўлари билан сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар. Бир киши: «Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди. У зот: «Йўқ! Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар, Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Қурбонлик куни Аллоҳ таолонинг амри билан исломий байрам ҳисобланади.

Ушбу кунда имкони бор кишилар қурбонлик қилиб, имкони йўқ кишилар билан биргаликда хурсандчилик ўтказадилар. Пайғамбаримизнинг ушбу сўзларини эшитган саҳобалардан бири қизиқиб савол берди: «Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга:

«Йўқ!» деб жавоб бердилар ва ортидан қурбонлик қилишга моддий имкони йўқ кишиларнинг кўнгилларини кўтарувчи ажойиб гапни айтдилар:

«Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар, Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар». Демак имкони бўлмаган киши ушбу амалларни қилиши билан савобга ноил бўлар экан.

Қурбон ҳайитининг биринчи куни ҳайит намозидан кейин ҳайитнинг учинчи куни шом намози киргунгача қурбонлик қилиш мумкин. Кишига қурбонлик қилиш вожиб ёки вожиб эмаслиги айни ўша вақтдаги аҳволига кўра маълум бўлади.

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишдан олдин ёки қурбонлик вақти чиқишдан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади. Худди шунингдек нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилишдан олдин ёки қурбонлик вақти чиқишдан олдин бойга айланиб қолса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Қурбонлик вожиб бўлган киши қурбонлик кунларини ўтказиб юборса, яъни қурбонлик қилмаган бўлса бир жонлиқни қийматини садақа қилиш вожиб бўлади. Аммо шуни айтиш керакки жонлиқни сўйиш, унинг қийматини садақа қилгандан афзалдир.

Беш ёшли туя, икки ёшли қора мол, олти ойлик қўй, бир ёшли эчкиларни қурбонлик қилиш мумкин. Бир ёки икки кўзи кўр, тик туролмайдиган ёки суйиш жойгача юриб боролмайдиган ҳайвон қурбонлик қилинмайди. Аллоҳ таоло каломида: “Ўзингиз яхши кўрган нарсадан инфоқ қилмагунингизгача ҳеч-ҳам яхшиликка етаолмайсиз…” деб марҳамат қилган.

Қурбонлик гўштини бир қисмини оиласига, яна бир қисмини камбағал қўшниларга, яна бир қисмини қариндошларга ҳам тарқатилади. Агар оила таъминотига керак бўлса, қўшниларга тарқатмасдан, гўштни бир ой ичида ишлатиши мумкин. Қурбонлик қилинган жонлиқнинг териси ва калла почаси сотилмайди, садақа қилиниб юборилади.

 Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.


Киритилган вақти: 27/07/2020 13:25;   Кўрилганлиги: 1018
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/qurbonlik-bu-dunyo-molidan-voz-kecha-olishdir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 18:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг