Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўзбегимнинг жонкуяр шифокорлари

 
 

Бемор дардига шифо топишда албатта, тиббий мутахассис кўмагига муҳтож бўлади. Зеро бу Ислом динининг тавсиясидир. Аллоҳ таоло бандаларига берган неъматлар ичида  энг биринчи ўринда мустаҳкам имон турса, ундан кейинги иккинчи ўринда соғлик турар экан. Ислом соғликни Аллоҳ таоло бандага берган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр қилиши лозимлигини таъкидлайди. Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган: “Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган”.

Муқаддас динимиз табобат илми билан шуғулланишни шариъат илмларидан сўнг энг шарафлиси ва уммат учун энг манфаатлиси деб ҳисоблайди. Чунки, табиблар беморларни шифо топиши, ҳаётда дарддан фориғ бўлиб ҳаёт кечиришига сабабчилардандир. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ:"(Ҳақиқий) Илм иккитадир. Булар, дин ва дунё илмлари. Дин илми фиқҳ бўлса, дунё илми табобатдир. Сенинг диний ишларинг учун фатво бера оладиган олим ва танангдаги жараёндан хабар бера оладиган табиб бўлмаган шаҳарда ҳеч ҳам яшама", дейишларидан табиб, тиб соҳа вакилларининг мавқеи исломда нақадар юқори эканлигини англаш мумкин. Узоқ йиллар табобат соҳасида таълим олиб, сўнг ушбу илмларини кишиларнинг соғлигини тиклаш, уларга манфаат етказишга бел боғлаган ушбу касб эгалари улкан ажру савоб узрадирлар десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Мана шу касбни танлашлари орқали улар ўзлари учун инсониятга яхшилик, эзгулик етказишдек олийжаноб фазилатга эга бўлдилар.Чунки Аллоҳ таоло ўз каломида " Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади" (Моида сураси 32-оят), дея биргина инсонни тирик, соғ, омон қолишига ҳисса қўшган кишининг бутун инсониятни сақлаб қолганлик даражаси билан мукофотлашини хабар қилмоқда.

Тиббиёт соҳаси вакиллари ҳар доимгиданда бугунги кунларимизда катта жасорат кўрсатмоқда. Ўзларига еасаллие юқиш хавфи бўлатуриб, кишилар саломатлиги йўлида кунни тунга улаб, ҳатто ўз уйи, оиласи, фарзандлари бағри келаолмасдан меҳнат қилмоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан уларни муносиб тарзда қўллаб қувватланмоқда. Саховатпеша еишиларимиз ҳам улар ва уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиб, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб қувватлашга интилмоқдалар. Ҳурматли соғлиқ посбонлари, бутун халқимиз номидан сизга ўз мигнатдорчилик ва ташаккурларимизни сизга изҳор этамиз. Ҳеч қачон чарчаманг, бемор бўлманг. Иншаллоҳ барчамиз бир бўлиб,  бу синовлардан Аллоҳ таолонинг инояти билан ўтамиз.

Жаҳонгирхон Аброров - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот котиби 


Киритилган вақти: 28/03/2020 14:34;   Кўрилганлиги: 1320
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ozbegimning-jonkuyar-shifokorlari
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 19:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг