Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мусулмонлар ҳар бир ишда иттифоқ бўладилар

 
 

Улуғ байрамлардан бири Қурбон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни орзиқиб, алоҳида аҳамият билан кутиб оладилар. Исломда иккита муборак байрамлар бўлиб, уларда  ёшу-қари, бойу-камбағал жамият вакилларининг барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар. Бу улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити бўлса, иккинчиси Қурбон ҳайитидир. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларга амал қилиш бу байрамлардаги хурсандчиликлар тўлиқ бўлишига ва энг муҳими кўплаб ажру савобларга ҳам эга бўлишга сабаб бўлади.

Бу кунларда дастлаб ийд намозлари катта жамоат билан адо этилади. Ҳайит намозига отланган киши ўз зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилиши, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқиши, силаи раҳм нияти билан қавму-қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилиши ана шу одоблар сирасига киради. Ислом мусулмонларни жамоатга жалб қилади. Жамоатда барака бор, жамоатда шарофат бор. У бирдамлик рамзидир. Жамоатдан айрилиш тафриқадир, фитнадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоатни ўзингизга лозим тутинг! Кимки жамоатдан бир қарич айрилса, дўзахда ёлғиз ўзи қолади”, деганлар. Қолаверса, жамоат бўлиб намозларни адо этиш, жамоат бўлиб таомланиш каби ҳолатларда савоб, барака ҳамда кўплаб яхшиликлар мужассам бўлиши таъкидланган. Аммо, бугунги коронавирус пандемияси даврида вазият бошқа ҳолатни тақазо этаётгани барчамизга маълум. Яъни, ушбу шароит бизга жамоат бўлиб, йиғилишни эмас, аксинча яккаланиш, ижтимоий масофа сақлаш, ҳар ким ўзини касаллик юқишидан ҳимоялаши заруратини талаб этмоқда. Шу боис Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини коронавирус пандемияси даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилиши ҳақидаги баёнотини қабул қилди. Чунки, мусулмонлар бундай шароитда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шароитида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилди:

  • Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Мусулмонлар ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.
  • Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намози ўқиш;
  • Қурбон ҳайити куни имкони борлар бомдод намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилиш. Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми — яқин қариндошларга, яна бир қисми — камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини — оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади;
  • бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланиш. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганлар руҳи покларига бахшида этиш;
  • имом-хатиблар томонидан бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити хонадонларга қувонч, юртга файзу барака кириши, меҳр-оқибатни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисидаги тарғибот ишлари амалга ошириш.

Ҳайит кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан ҳисобланди.

Барча ҳолатларимизда динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечиришга Аллоҳ таоло ҳаммамизни муваффақ қилсин. Инсоният бошига келган бу офатни Аллоҳ таолонинг Ўзи аритсин. Ҳайит байрами барчамизга муборак бўлсин!

 Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Дарун” жоме масжиди имом-хатиби Зафар Маҳмудов


Киритилган вақти: 30/07/2020 10:25;   Кўрилганлиги: 915
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/musulmonlar-har-bir-ishda-ittifoq-boladilar
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 22:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг