Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Миссионерликнинг оқибатлари

 
 

          Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Уларнинг ҳар бири ўз миллий урф-одатлари, анъаналари, тилига эга.140 дан ортиқ миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда барча миллатлар ва элатлар вакилларига тенг ҳуқуқли муносабат қонун билан мустаҳкамланган. 1991 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистонда жами 211та диний ташкилот фаолият олиб борган. Шундан 149 таси исломий, 51 таси христиан, 11 таси яҳудий диний ташкилотлари эди. Ҳозирги кунда республикамизда 2230 та диний ташкилот рўйхатга олинган бўлса, шундан 2051 таси исломий диний ташкилотлардир.       

Ўзбекистон ҳудудида миссионерлик фаолияти билан шуғулланишга ҳаракат қиладиган кўпгина диний конфессиялар мамлакатимизда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунни нодемократик деб биладилар. Уларнинг фикрича, гўёки ушбу қонун фуқороларнинг халқаро ҳужжатларда кўрсатилган ҳуқуқларини, жумладан, эътиқодий ҳуқуқини чеклайди. Миссионерлик ҳақида сўз борар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу сўз лотин тилидаги “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифани бажарувчи” маъноларни англатади. Турли луғатлар ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган “World Book” (Жаҳон китоби) энциклопедиясида “Миссионер бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон” деган фикр қайд этилган. Умуман олганда, турли луғат ва манбаларда баён эитилган таърифлар бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин. Миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш деган маънони англатади.Ўзбекистон халқи кўп миллатли бўлиши билан бирга, маҳаллий аҳоли ўз урф одатларига жуда ҳам содиқ. Ислом дини эса халқимизнинг ҳаёт тарзига чуқур кириб борган. Миссионерлар ўзларининг хушмуомалалиги, ёрқин ва таъсирчан ваъзлари орқали одамларни чалғита бошлайдилар. Ўз “ўлжа”ларининг қизиқишлари ва заиф томонларини ҳисобга олиб, бўлажак прозелитлар билан дўстона муносабатга кириб олишади ва охир оқибат уларни таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар. Бунинг оқибатида ота- боболари исломдан бошка динни билмаган бир оила вакили ёки вакиласи бошқа динни қабул қилади. Жамиятнинг энг муҳим бўлаги бўлмиш ОИЛА жанжал ва низолар домига тортилади. Ота- она, қавму қариндошлар унинг бу қилмиши оқибатида маҳалла кўйда бош кўтара олмай қолади.

Оила маҳалладан ва ўз яқинларидан узилиб қолади. Бундай воқеаларни ўз хизмат вазифаларимиз туфайли кўп кўрганмиз. Тасаввур қилинг, ўзбек оиласида юқоридагидек ҳолат юзага келса. Ўзбек оиласи учун бундан ҳам катта фожеа борми? Ҳар бир инсоннинг бошида ўлим бор. Ўзга динни қабул қилган киши вафот этса нима бўлишини тасаввур қилиш жуда мушкул. Ким уни дафн қилади, қандай ва қаерга дафн қилиш керак деган муаммолар пайдо булади. Албатта, мусулмон киши ўз фарзандини бекафан, бежаноза кўмишни хоҳламайди. Маҳалла кўй бўлса ҳатто жанозасига ҳам бормайди, маййитни қайси қабристонга қўйишни ҳам билмайдилар. Бу нарса қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Туманимизда бундай воқеага дуч келганмиз.

Халқимиз қиз олиб, қиз беришда нафақат келин ёки куёвнинг, балки уларнинг етти пуштини суриштириб унга аҳамият беради. Ўзбеклар бағри кенг халқ, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилиб, ғайри дин қўшнилари билан яхши муомалада бўлиб келишади. Ушбу мақолада миссионерлик ҳақида қисқача маълумот берар эканмиз, унинг қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўзимиз учун хулоса чиқаришимиз керак бўлади. Шунинг учун фарзандларимизни ва шу орқали ватанимиз келажагини асраб-авайлаш учун юртимизнинг ҳар бир фуқароси жонбозлик кўрсатиши керак бўлади. Фарзанд тарбияси ҳам асосан ота-онанинг мажбурияти ҳисобланади. Агар улар ўз фарзандларини ватанга садоқат ва муҳаббатли қилиб тарбияласалар ҳеч қандай ташқи ғоя ёки мафкура уларнинг онгини, шу билан бирга жамиятни буза олмайди.

  

Сайфиддин  Чахоев, Пастдарғом туман “Нурул Ислом” жоме масжиди ходими 


Киритилган вақти: 30/09/2019 17:15;   Кўрилганлиги: 1465
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/missionerlikning-oqibatlari
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 12:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг