Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МАТОНАТЛИ БАНДАЛАР

 
 

Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлиқ ҳақида қанчалик қайғуришмасин, бу йўлда нечоғли фидокорлик кўрсатишмасин, ҳар вақт, ҳар қачон батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ.

Бирорта одам ўзини ҳамма жиҳатдан «соппа-соғман» деб ҳисоблай олмайди, «менинг ҳеч қандай касалим йўқ», дея баралла айта олмайди. Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради.

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтадилар: 

“Аллоҳ кимгаки яхшиликни истаса, унга мусибат беради”. Яна бир ривоятда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) шундай марҳамат қиладилар: Мўминга нимаики касаллик, машаққат, ташвиш, қайғу ва озор етса, ҳатто унга тикан кирса ҳам албатта Аллоҳ шу сабабли унинг гуноҳларини ўчиради. (Бухорий ва Муслим ривояти)

Ушбу ривоятлардан бизларга етадиган касалликлар мутлақ зарар эмас балки фойдамизга бўлиши очиқ-ойдиндир. Чунки, касаллик туфайли мусулмон киши ўзининг ожизу нотавон бир банда эканлиги, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг иноятига муҳтож экани ёдига тушади. Аллоҳга илтижо қилиб, шифо ва енгиллик сўрайди. Аллоҳга убудияти кучаяди. Сабр қилади. Натижада кўп яхшиликларга эришади.

Шундай экан бирор касалликка чалинган кишилар ранжимасдан, жазавага тушмасдан буни Аллоҳнинг синови ва неъмати деб билишлари мақсадга мувофиқдир.  

Бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайан бир турдаги ногиронлик мавжуд. Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.

 “Халқаро ногиронлар куни” сананинг нишонланишида барча томонлар, хусусан ҳукумат, БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ногиронлар уюшмалари қатнашиб, ногиронларнинг жамиятимиздаги иштирокини янада фаолроқ этиш билан боғлиқ барча масалалар ёритилади ҳамда ногирон инсонлар турли дастур ва лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари кенгаяди.

Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсадларидан бири бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Хабарингиз бор, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан тизимли равишда учрашувлар, хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Бу каби учрашувлар, ўзларига қаратилаётган эътибордан мамнун бўлаётган юртдошларимиз ташкил этилаётган тадбирлардан ўзлари учун кўплаб билим, манфаатлар топаётганликларини кўзларда ёш билан изҳор қилишмоқда.

Шулар жумласидан, юртимизнинг марказий  масжидларида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун жума мавъизаси сурдо таржимон воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилмоқда. Бунинг учун Республиканинг ҳар бир худудидаги марказий масжидда жума мавъизаларини сурдо-онлайн  узатиш имкониятлари яратилди. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларларда имом-хатибни, унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўлдилар.

Ҳозирги пайтда Республика бўйлаб 25 та жоме масжидда махсус сурдо-онлайн таржималар ташкил этилган. Хусусан Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Исҳоқи вали” жоме масжидида ҳам ушбу хайрли иш йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳа босқичма-босқич кейинчалик ҳар бир шаҳар ва туманларда амалга оширилиши режалаштирилган.

Муаллиф: З.Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилояти вакили


Киритилган вақти: 02/12/2019 19:36;   Кўрилганлиги: 1325
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/matonatli-bandalar
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 17:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг