Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИЙМОНИНГИЗНИ АСРАНГ (МИССОНЕРЛАР ФИТНАСИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ)

 
 

Иймон – Аллоҳ таъолонинг ўз бандаларига берган энг буюк неъмати ҳисобланади. Аллоҳ таъоло қайси бандага иймон берган бўлса, ҳидоят йўлини кўрсатган бўлса, у мўъмин деган номга мушарраф бўлиб, бу оламда ундан бахтли киши топилмайди. Демак иймон бу барча инсонларга зарур бўлиб, уни пок асраши ва мўъминлик номига доғ туширмаслиги лозим бўладиган дур-у гавҳардир.

Иймон луғатда “ишонмоқ” маъносини англатиб, шариатда эса “Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, элчиларига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга ва тақдирнинг яхши-ю ёмонлигини Аллоҳдан деб билишга” айтилади. Киши мўъминлигини изҳор қилиши учун иймон калималарини тили билан иқрор қилиб дили билан тасдиқлаши шарт бўлади.

Минг афсуслар бўлсинки, бугунки кунда бу бебаҳо неъматдан кўпчилик инсонлар жудо бўлиб қолмоқда. Яъни, ўзлари мўъмин-мусулмон бўла туриб, эътиқод қилиб келаётган динидан воз кечиб бошқа динни қабул қилишмоқда. Айниқса, мамлакатимиз эшиклари хорижий мамлакатлар, уларнинг турли-туман ташкилотлари учун очиқ деб эълон қилинди. Аммо юртимизга бўлган қизиқиш, унинг минтақада эгаллаб турган муҳим мавқеи ва бир-биридан гўзал урф-одатларимизнинг асоси сифатида эътироф этилувчи Ислом дини яхши ниятли ҳамкорлар билан бир қаторда ғаразли мақсадларни ўз олдига қўйган “меҳмон” ларнинг ташрифига ҳам сабаб бўлди. Ана шундай меҳмонлардан бири бизни муқаддас ислом динимиздан айириш мақсадида юрган “миссионерлар”дир!

Миссионерлар ҳақида гап кетар экан, аввало  ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.

Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» сўзидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса, “Миссионерлик бирор диний бирлашма вакилларининг ўз эътиқодини бошқа дин вакиллари орасида ёйиш ҳаракати” деган маънони билдиради.

Умуман олганда, турли луғатлар ва манбаларда баён этилган таърифлар биб-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир.

Прозелитизм - бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборатдир.

Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади

Бугунги кунда фаол миссионерлик билан турли йўналишдаги ташкилотлар шуғулланаётган экан, бундай ҳаракатларнинг ғоявий-ақидавий асосларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Масалан,  христианлар “Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт”, -деб ҳисоблайдилар. Бундай фикрларнинг асоси ва манбаини «Инжил»дан топиш мумкин. Жумладан, “Инжил”да Исо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани қайд этилган. Бу ҳақда Маркдан ривоят қилинган “Инжил”да «Исо шогирдларига деди: “Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар”, Маттодан ривоят қилинган «Инжил»да эса “...барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўқинтиринглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсаларга амал қилишни уларга ўргатинглар...”, -деган даъватларни ўқиш мумкин.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш зарур: даъват бошқа, миссионерлик бошқа. Бир дин вакилининг ўз қавмига хитоби даъват бўлиб, ҳар бир инсон бу ишни эмин-эркин бажариши мумкин. Аммо, бир дин вакилининг бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қиладиган ҳаракати эса, миссионерлик дейилади ва Ўзбекистон қонунлари мана шу ишни таъқиқлайди.      

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг бир муборак ҳадисларида Аҳли китобдан ҳеч нарса сўраманглар. Улар адашган одамлардир, сизларни ҳаргиз ҳидоятга сола олмайди. Уларга ишонсангиз, ё ботилни тасдиқ  қилган бўласиз, ё ҳақни ёлғонга чиқарган бўласиз. Аллоҳга қасамки, Мусо ва Исо тирик бўлганларида, менга эргашишдан бошқа нарса уларга ҳалол бўлмасди.

Юртимизда фаолият олиб бораётган миссионерларнинг асосий қисмини насронийлик дини ниқобидаги турли секталар ташкил қилганлиги учун биз насроний миссионерлар ҳақида фикр юритамиз. Бу турдаги миссионерларнинг асосий мақсадлари худди бошқа миссионерлар каби турли йўл ва усуллар билан ўз сафларини маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришдан иборатдир.

Уларнинг мақсадлари асосан уч нуқтада жамланади:

  1. Халқларни насронийлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий, маънавий жиҳатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига олиш.
  2. Халқларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларни ўз динидан чиқариш ва динсиз қолдириш.
  3. Қадимдан насроний бўлганларни ўз динларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва улар сафини «янги насронийлар» билан тўлдириш.

Миссионерлар ўз мақсадлари йўлида ҳеч қандай воситани аямайдилар, уларнинг усул-найранглари доимо такомиллашиб боради. Қуйида улардан бир нечтасини келтириб ўтамиз:

  1. Инсоний ёрдамлар кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, «руҳий» ёрдамлар киради.
  2. Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли, расмли даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Мусулмонлар учун чиқарилган бу китоблар кўпинча Қуръон оятлари билан «безалади».
  3. Насронийликни тарғиб қилувчи газета-журналлар чиқариш.
  4. Насронийликка қизиқтирувчи аудио-видео кассеталар тарқатиш.
  5. Радио-телевидение орқали жонли кўрсатувлар тайёрлаш. Бу кўрсатувлар орқали аҳолини мулоқотга чорлаш, адреслар алмашиш.
  6. Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш.
  7. Мусулмон ўлкаларга турли номлар остида (масалан, ҳамшира, тил ўргатувчи, тарбиячи) миссионер кадрлар жўнатиш.
  8. Якка шахсларга даъват хатлар жўнатиш.
  9. Ёшлар жамиятлари билан ҳамкорлик қилиш.
  10. Инглиз тили, компьютер ўргатиш ниқоби остида миссионерлик кутубхоналарини, клубларини ташкил этиш.
  11. Ўз сафларига қўшилганларни моддий рағбатлантириш, уларни чет элларга жўнатиш, иш билан таъминлаш.
  12. Ўз юртларига келган саёҳатчиларни ҳам назардан четда қолдирмаслик.

  Ушбу найранглар таъсири остида мусулмон кишида уч ҳолат кузатилади:

Мусулмон киши бошқа динни қабул қилади ёки бошқа динни ҳам ҳақ йўлда деб ўйлай бошлайди ё камида ўз динига бўлган садоқати йўқолади.

Бугунги кунда баъзи ватандошларимизнинг уларга эргашиб кетаётганлигига бир нечта сабабалар бор.

Биринчи сабаб –  динимиз йўл-йўриқларидан мутлақо бехабарлик.

Иккинчи сабаб – узоқ муддат ўзга дин вакиллари орасида яшаш, уларнинг урф-одат ва диний қарашларидан таъсирланиш.

Учинчи сабаб – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалардан, ногиронлардан, боқувчисидан айрилган қариялардан кўнгилдагидек тез-тез хабар ололмаяпмиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатолмаяпмиз. Миссионерлар бу йўл билан баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлашяпти ва уларнинг ишончини қозониб, диний даъватни тарғиб қилишмоқда.

Насронийларнинг кўпгина оқимлари миссионерлик ишларини кенг йўлга қўйишган. Улар асосан ёрдамга муҳтож ва ночор қолганларни излаб топиб, моддий ёрдам қилишади, кейин эса бепул китоблар тарқатиб, насроний динига даъват эта бошлашади. Миссионерлар бу ишда турли хайрия ташкилотлари ва фондлар хизматидан фойдаланишади. Айни вақтда бундай ҳаракатлар нафақат Ўзбекистонда, балки дунёдаги деярли ҳар бир давлатда олиб борилмоқда.

Исо алайҳиссаломнинг ҳурмат ила номланиши Ўзбекистон ҳудудида яшовчи турли миллат ва дин вакилларининг тотувлик анъаналарида ҳам ўз аксини топган. Минг йилларни қамраб олувчи тарихимизда динлараро бирорта низо юзага келиб чиқмаганлигининг ўзи тинчликпарвар ўзбек халқининг диний эътиқоди, урф-одатлари ва анъаналари тўғри эканлигидан далолатдир.

Лекин иттифоқлик ва ўзаро ҳурмат билан яшаш бошқа нарса, мусулмонларни, айниқса ёшларни ўз эътиқодидан бошқа томонга буриш буткул бошқа нарса. Демак, ғаразли ният билан диёримизга кириб келадиган ва ўртадаги иттифоқликка раҳна соладиган миссионерларга, экстремистларга қарши кураш ҳаммамизнинг вазифамиздир.

Ушбу мақоладан кўзланган мақсад ҳамюртларимизни тўғри йўлга даъват қилиш, диёримизда мавжуд бўлган насронийлик дини вакилларига самимийлик билан муносабатда бўлиш одобини ўргатиш, шу билан бирга насронийлик динини кўр-кўроналик билан қабул қилмаслик, алдов ва пул тузоғига илинмасликни тушунтиришдир.

Зеро, энг охирги ва ота-боболаримизнинг мукаммал дини бўлган ислом динидан чиқиб, насронийлик ва бошқа динларни қабул қилиш Аллоҳга ҳам хуш келмайдиган ва инсонни иймондан чиқариб динсиз бўлишига сабаб бўладиган амалдир.

Аллоҳ таъоло  “   وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِ دِينًا فَلَنْ يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الْآَخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ

“Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмайди ва охиратда  зиён кўрувчилардан бўлади”  деб марҳамат қилган.

Шундай экан, айни пайтда Россия, АҚШ, Канада, Корея, Исроил, Тайланд, Япония ва бошқа кўплаб насроний, яҳудий ва буддавийлик динларига эътиқод қилувчи юртларда ўқиш, иш ва хизмат сафарида бўлиб юрган азизи ака-ука, опа-сингилларимизни ўзларининг муқаддас иймонларини асраши мўъминлик номига доғ туширмаслигини тавсия қилиб қоламиз.

Аллоҳ барчамизни Ўз ҳидоятидан адаштирмасин!!!

Тоҳир ЭВАДУЛЛАЕВ - Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази 

                                     Самарқанд филиали директори


Киритилган вақти: 22/11/2019 16:03;   Кўрилганлиги: 1121
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/iymoningizni-asrang-missonerlar-fitnasidan-ogoh-boling
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 17:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг