Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСРОФ-ЭНГ ОҒИР ГУНОҲЛАРНИНГ БИРИДИР

 
 

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратди. Уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан истифода қилган ҳолда ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики буларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “...Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Роббига) жуда ношукурдир” (Иброҳим-34).

Инсонларга шунча неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Енглар, ичинглар, исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф, 31- оят), - деб амр қилмоқда. Шунингдек, яна: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлоқо йўл қўйманг!” (Исро-26).

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ҳам ман этилган. Хусусан, тўй ва бошқа маракалардаги исрофгарчиликлар ортиқча дабдабага,  риёкорликка, манманликка, кимўзарга, ўзаро ҳасадга,  имкони йўқларнинг кўнгли ўксишига олиб келади.

Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларида марҳамат қиладиларки: “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди.” Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”-деб исрофдан қаттиқ қайтарганлар.

Ҳамма ишда меъёр ва мўътадиллик бўлгани яхши. Менга бойлик бериб қўйилди деб, уни ҳар томонга сочавериш, айниқса Аллоҳ ҳаром қилган ишларга сарфлаш гуноҳ эшикларини очиб қўяди. Бунинг ўрнига ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш, талабаларнинг ўқиш шартнома пулларини тўлашга кўмаклашиш, қарзини тўла олмаётган кишиларга ёрдамлашиш ҳам ўзига, ҳам жамиятга манфаат келтирган катта савобли иш бўлади.  Исрофгарчиликнинг барча кўринишларига барҳам бериш ҳар бир фуқоронинг вазифасидир.

 Муҳиддин АҲРОРОВ - Ургут тумани “Тўрткўл” жоме масжиди имом хатиби  


Киритилган вақти: 29/05/2020 14:46;   Кўрилганлиги: 921
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/isrof-eng-ogir-gunohlarning-biridir
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 12:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг