Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом бағрикенглик дини ТИИ талабаси Эргашев Абдулвоси

 
 

Инсон зоти борки бирор дин ёки таълимот орқали ҳаёт кечиради. Шунга биноан ҳар бир инсон ўзи танлаган йўлга юришдан бошқа чораси йўқ. У йўл бошқалар наздида тўғри ё эгри бўлсин. Ислом таълимотида инсон қайси йўлни танлаши ўз ихтиёрига топширилади. Зеро Ислом динининг асосий манбаси бўлмиш Қуръони Каримда шундай дейилган: «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради» (Бақара сураси, 256-оят). Бу ояти каримадан маълум бўладики ислом дини бағрикенглик ҳамда тинчлик борасида бошқа дин ва таълимотлардан ажралиб туради. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Имом Лайс ибн Саъд “Аҳли Миср ва Нубанинг фақиҳи” лақабини олган эди. Бу имомнинг китобларининг зое бўлишига мусулмонлар оммаси ва мусулмон уламолар мўғиллар Дажла ва Фурот дарёларига оқизган китобларнинг зое бўлганидан кўпроқ хафа бўлганлар. Фуқаҳолардан бири у киши ҳақида “Лайс Моликдан кўра фақиҳроқ эди. Аммо Моликнинг насибаси бор экан” деган. Лайс ибн Саъд вафот этганда, ўша асрнинг барча фақиҳлари маҳзун бўлганлар. Мусулмонлар: “Фақиҳларнинг улуғи кетди”, деганлар.

Миср волийларидан бири баъзи черковларни бузиб юборди. Лайс ибн Саъд халифага мактуб ёзиб, Ислом руҳига хилоф бўлган бидъат ишни қилгани учун волийни ишдан олишни талаб қилди. Халифа волийни қилган жинояти учун ишдан олди.

Лайс ибн Саъд янги волийга бузилган черковларни қайта тиклашни ва Миср масийҳийларининг ҳожати тушса, янги черковлар қуришни тавсия қилди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қибтлар ҳақида яхшилик қилинглар” деганлар. Шу билан бирга, Мисрдаги черковларнинг кўпи саҳобаларнинг даврларидан буён турибди. Бу каби катта ададдаги саҳобаларнинг ижмоъ суннатнинг ўрнига ўтади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олмаган нарсаларига бунчалик ижмоъ қилмайдилар.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб ўзидан кейин мусулмонлар ҳам қайтармаслиги, черковларда ибодат эркинлиги ва мустақиллик таъминланиши учун Байтул Мақдисдаги черковда намоз ўқимаган ва Байтул Мақдис масийҳийлари ила уларнинг ўзларини, молу мулкларини, черковларини ва ўша черковларнинг вадфларини, молларини ҳимоя қилиш ҳақида шартнома тузган. Саҳобалар бунга гувоҳ бўлганлар. Мана бу амал мусулмонлар учун охири замонгача ҳам, охири замонда ҳам ҳужжатдир. Ҳадиси шарифда «Ким зиммийга озор берса, мен унинг хусуматчисиман» дейилган.

Шунинг учун ҳам, Умар Мисрнинг фотиҳи Амр ибн Оссга мактуб юбориб “Ҳазир бўл. Тағин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хусуматчинг бўлиб қолмасинлар”, деган.

Имом Лайс ибн Саъд черковларни бузганларга қарши қуйидаги оятни ҳам ҳужжат қилиб келтирган:“Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми?” (Бақара: 114.) Бу оят Байтул Мақдисни фатҳ қилиб, ибодатни ман қилган, черковни куйдирган ва масийҳийларни битта ҳам қўймай калтаклаган румликлар ҳақида тушган.

Ушбу гўзал суратларга ўхшаш ҳолатлар жуда ҳам кўп. Уларнинг барчаси нубувват нуридан баҳраманд бўлганлардир. Бундай нарсалардан фақатгина қалби қотганларгина четга чиқурлар. Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Исломдаги биродар! Ўзингни ўзинг терга. Агар имконинг бўлса, солиҳларнинг китобларидан яхшиларини кўп ўқи. Буни эплай олмасанг, аҳли зикрлардан сўра ёки сенга Аллоҳни эслатиб, дунёдан эҳтиёт қиладиганларнинг суҳбатини топ. Тўғри йўлнинг аломати шариатга сабр ила эргашишдир.

Тошкент ислом институти 4 курс талабаси Эргашев Абдулвоси

Манба: https://islaminstitut.uz/18211


Киритилган вақти: 16/11/2020 15:29;   Кўрилганлиги: 763
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/islom-bagrikenglik-dini-tii-talabasi-ergashev-abdulvosi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 09:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг