Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Интернетдан олинган нарса тўғри ва зарарсиз эканини билиш зарур

 
 

Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда.

Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.

Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.

Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.

Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.

Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.

Х.Саттаров- вилоят бош имом-хатиби ўринбосари (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 26/03/2020 16:03;   Кўрилганлиги: 130
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/articles/actual/internetdan-olingan-narsa-togri-va-zararsiz-ekanini-bilish-zarur
Чоп этилган вақт: 03/04/2020 12:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг