Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИДАГИ НОХОЛИС АХБОРОТЛАР ХАТАРЛИДИР

 
 

Бугунги кунда турли кўринишдаги ахборот воситаларининг нозик жиҳатларини ҳар бир онгли киши англаб етиши лозим. Чунки бундай алоқа тармоқлари турли йўллар билан, гарчи инсонда хоҳиш бўлмаса ҳам, ўзига жалб қилиб, чангалига тортади. Ижтимоий тармоқлардаги айрим ахборотларнинг жамиятга солаётган энг катта таҳдидларидан бири тинч-тотув оилаларнинг барбод бўлиб кетаётганидир.

Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, унда ўрнатилган ўзига хос қадриятлар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Ижтимоий тармоқлардаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қадрият ва қоидаларни беписандлик билан бузиб, фарзандларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада, ана шундай руҳда катта бўлган ўғил қизлар вақти келиб, оила қурганларида ҳаёт синовларига чидай олмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда. Интернет жамоатчилик фикрини эгаллашга қаратилган курашларни ўзгартириб юборади. Эндиликда ҳеч қандай куч сарфламасдан, қаршилик ва чекловларга дуч келмай, омма онгига осонгина таъсир кўрсатиш, бошқаларнинг қарашларини ўз манфаатлари сари йўналтириш мумкин. Дастлаб, ижтимоий тармоқлардаги айрим нияти бузуқ “блоггер”лар жамоатчилик онгига кучли таъсир қилувчи воқеа-ҳодисаларни бўрттириб, қўшиб-чатиб етказишади, бошқалар эътиборини жалб этиб, уларни ҳам фаол фикр алмашишга чорлайди. Миш-миш, бўҳтону ёлғон етарли даражада тарқалгач, секин амалий ишларга ўтилади. Ҳаммани муайян жойга тўпланишга чақирилади. Шу тариқа, бир-бирини кўрмаган, фақат интернет орқали танишган бекорчилар тўдаси шаклланади. Шу йўл билан одамлар ҳақиқат билан ёлғон ўртасидаги чегарани пайқашдан маҳрум этилади. Тажрибасиз, ҳали оқ-қорани ажрата олмайдиган ўқувчи кибер дўстларига шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, ўтмиши, келажаги ҳақидаги барча маълумотларни, сирларини ишониб айтаверади. Бирор нотаниш киши эшик ортидан туриб сиздан исмингизни сўраса, ўқиш жойингиз, иш жойингиз, яқинларингиз, дўстларингиз ҳақида сўраса, сиз дарҳол сергак тортиб, у кишига ҳеч нимани айтмаслигингизни билдириб ҳайдаб юборасиз, нега энди бу ҳолатни монитор қаршисида ўтирганда амалга оширмайсиз? Бундай суҳбатлар виртуал оламда бўлиши билан бир қаторда қайси жинс вакили билан гаплашилаётганини ҳам билиб бўлмайди. Албатта, фикр, сўз эркинлиги ҳар бир инсоннинг ҳаққи, лекин бу ахлоқ ва қонун-қоидалар, умумий тушунчалар ва чегараларни аниқлаш билан ўрнатилади. Фитна-фасодни тарқатиш бу фикр эркинлиги эмас, бу жиноятдир. Сўз эркинлиги баҳонасида миллий маънавиятни бузишга қаратилган сохта, нохолис ахборотларга ишонмаслик керак.

Миллий ва диний қадриятларни ёшларнинг онгига сингдириш орқали уларни Ватанга фидоий, мустақил фикрига эга, баркамол шахслар қилиб тарбиялаш бурчимиздир. Ижтимоий тармоқ воситалари ва уларнинг ёшларга салбий таъсирини ҳар томонлама ўрганиш, олдини олиш бутун дунёда маънавий ва ахлоқий меъёрларни сақлаб қолишда беқиёс аҳамият касб этади. Зеро, ижтимоий тармоқ воситаларининг оммалашуви кучайиб, таъсир кўлами кун сайин ортиб бораётир. Интернетнинг ижобий ва салбий жиҳатларини баён қилиш билан ёшларимизнинг келажагига умид боғлаш, уларнинг фаровон ҳаётига замин ҳозирлаш мумкин. Чунки ҳозирги глобаллашув замонида инсонларни интернет тармоғидан узиб қўйишнинг имкони йўқ. Фақатгина унинг фойдали жиҳатларини олиб, зарарли тарафларини тарк этиш малакасини ҳосил қилиш билангина ижобий натижага эришиш мумкин.

Ботирал РИЗАЕВ,

Самарқанд шаҳар “Панжоб” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 28/09/2019 10:28;   Кўрилганлиги: 1341
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/internet-tarmogidagi-noxolis-axborotlar-xatarlidir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 20:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг