Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

БУЗҒУНЧИ ОҚИМЛАРНИНГ БЕЛГИЛАРИ

 
 

 Бузғунчилик характеридаги кўплаб оқимлар (секта) ҳеч бир давлатга ҳам миллатга ҳам ҳеч қачон фойда етказмаган. Аксинча, ҳамма вақт моддий, руҳий ёки жисмоний зарар етказиб келган. Диний оқим аъзоларини секта деб аташлари уларнинг ўзларига ҳам сира ёқмайди. Чунки “сектантлик” деганда ислом, насроний, яҳудий каби илоҳий динларга итоат қила туриб, ўша динлардаги тўғри йўлдагилардан ажралиб чиққан оқимлар тушунилишини ҳамма билишини уларнинг ўзлари ҳам билади.  

Сектага аксар кишилар ўзлари билмаган ҳолди кириб қолади. Бу ҳодиса кўпинча кўча-кўйда ёки интернетдаги ижтимоий сайтларда нотаниш одам билан суҳбатлашиб қолишдан бошланади. Секталарга кириб қолувчиларнинг кўпчилиги ҳаётда ишлари юришмай, тушкун кайфиятда юрган вақтида аъзо бўлиб қўяди. Чунки айнан шундай вақтда унинг атрофида меҳрибон, ширин сўз одамлар пайдо бўлиб унинг ҳаётга бўлган ишончини қайта уйғотади.

Сектага дахлдор бўлган ҳар қандай шубҳа-гумонлар дастлабки кунларданоқ олдиндан режалаштириб қўйилган далил ва уқтириш сериялари ёрдамида рад қилинади. Янги аъзо бўлганларнинг ташқи ахборий манбалардан олган маълумотлари илдизидан кесиб ташланади. Шу тариқа, секта тарафдорлари янги бир тўсиқ яратади – ушбу ташкилотга дахли бўлмаган материалларни кўришдан қўрқиш туйғуси. Улар бошқача дунёқарашга, иймон-эътиқодга олиб борувчи материалларни кўришдан жуда ҳам қаттиқ қўрқади. Шу боисдан улар кутубхонларга бормайди, телевизор кўрмайди, газета ўқимайди, ижтимоий тармоқлардаги фаол режимларда кўринмайди. Натижада ана шу янгилар оқимнинг қиёфасидаги доғ-дуғларни эмас, фақат ёруғ рангларни кўради.  

Секта ўз аъзоларининг онгини ва ўзини тутишини назорат қилишда турли усуллардан фойдаланади. Улар сирасида гипноз ва шунга ўхшаш воситаларни ўзаро муомала чоғида, ваъз сўзлаётганда қўллайди ҳамда ўз адабиётларида ёзади. Шундай вазиятлардан улар психологик муҳит ҳосил қилиб, ташкилоти ва раҳнамосига жисмоний ва моддий жиҳатдан қарам қилиб қўяди, турли қўрқитишлар билан сектадан чиқиб кетишларига йўл қўймайди. Бундай пўписалар сирасида, албатта, муқаддас китоблардан узиб-узиб олинган кўчирмалар ҳам бўлади.  Асосий куч бу ишларда ҳали ҳақиқий диний илми шаклланиб улгурмаган ва таклифларга ўта сезгир бўлган ёшлар танлаб олинади.

Амалиётчи руҳиятшуносларнинг хабар беришича, йўлбошчилар издошларини шундай гипноз қиладики, улар бу гипноздан сира ҳам чиқиб кета олишмайди. Мабодо, жамоадан чиқиб кетган тақдирда ҳам гипноз таъсиридан чиқа олмайди ва уни кучли мутахассислар ёрдамисиз бу ҳолатдан чиқариб бўлмайди.

Секта ўз аъзоларини муттасил равишда бутун оламга қарши чархлаб боради (оила, дўстлар, ҳамкасблар, давлат хизматчилари, анъанавий динларнинг руҳонийлари). Ана шуларнинг гуноҳларини санаб, инсоний қадр-қийматларини пастга уриб ўзлари билан қиёслаганда иккинчи навга айлантириб қўяди. Натижада улар билан яқин муносабатада бўлишни чеклаш тавсия этилади, шахсий муносабатлар эса оилавий ажрашишгача олиб келинади, иш жойи ўзгартирилади, яшаш жойи ҳам (шаҳар, мамлакат) ўша оқим фойдасига ўзгартирилади.

Секта ҳар бир мамлакатдаги аъзолари қалбидаги ватанни севиш туйғусини турли йўллар ва ёлғон важлари ила мавҳ этиб боради: давлат мадҳиясини куйлашни, давлат ташкилотларида ишлашни, ҳарбий хизматга боришни, ватанни душман ҳужумидан мудофаа қилишни, шаҳар, республика миқёсида ўтадиган тадбирларда, тантаналарда қатнашишни,  Аллоҳнинг қудратини давлат органисиз эътироф этишни, давлат қонунларига амал қилиш жоиз эмаслигини… уларга узлуксиз уқтириб боради. Улар шу йўллар билан давлат ичида ўз давлатларини қуришга ҳаракат қилади.

Секта ўз аъзоларининг шахсий ҳаёти устидан назорат ўрнатади ва амалда энг майда нарсаларни ҳам эътибордан қочирмайди. Турмуш қуриш-керакми, йўқми, ким билан турмуш қуриш керак; фарзанд кўриш керакми, йўқми, оилавий ҳаётини қандай кечириш кераклигигача аралашади, десак, ҳаққимиз кетади – кўрсатма беради. 

Жамоанинг гуноҳга йўл қўйганлари жиддий муҳокама қилинади ва унга кўп нарсалар, ҳатто оддийгина саломлашиш ҳам чеклаб қўйилади.

Диний оқимларнинг йўлбошчилари ўз ғояларини асосан янги тарафдорлар топиш мақсадида аҳоли орасида кенг ташвиқ қилади. Шу боис секта аъзолари  кўпинча ишини бўш вақти кўп бўладиган ишларга ўзгартиради. Мақсад: кўчаларда уйма-уй юриб янги тарафдорлар ахтариш ва интернетда ижтимоий сайтларда ўтириб ишлаш.

Албатта, бундаги асосий нуқталардан бири – ихлосмандларнинг хайр-эҳсонларини йиғиб олишдир. Масалан, илгари саентолог бўлган қозоғистонлик бир кишининг nur.kz порталига 2016 йилнинг май ойида берган видеоинтервьюсида қозоғистонлик саентологларнинг аъзолик бадали миқдорини айтган эди. Унинг айтишича, бу ташкилотнинг тушуми 100 минг АҚШ долларидан бошлаб 1-3 миллионгача борар экан. Диний оқим аъзоларидан бирининг таъкидлашича, бу пуллар узоқ мамлакатлардаги эзилган ва камбағал жамият эҳтиёжларига сарфланади, ҳеч кимга кўринмайдиган золим билан жанг қилиш ҳамда  Худонинг олдида йўл қўйилган гуноҳларни сотиб олиш учун харжланади. (Аммо улар бу пулни Аллоҳга қандай қилиб етказади? Аллоҳга пул нимага керак? Бундай гаплар муқаддас китобларнинг қайси бирида ёзилган?!)

Умуман, бу қадар тутуруқсиз гапга одамни ишонтириш учун гипнозданми, шунга ўхшаш сеҳргарлик ишлариданми фойдаланмаса бўлмайди.

Улар турли ўқув марказлари очади, шахсни ўстириш бўйича тренинглар ташкил қилади, болалар лагерлари очади, инглиз тили дарсларига, нотиқлик санъатига ва бошқаларга бепул дарслар жорий қилади ва омманинг эътиборини тортади. Аммо бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

Диний оқимларнинг аъзолари фақат ўзларининг тўғри йўлда эканига, фақат ўзлари жаннатга тушишига астойдил ишонади.

Анъанавий динларни улар шайтонийлик деб атайди. Айрим оқимлар жаннатни худди ҳозирги ҳаётдек тасаввур қилади, бола туғиш ҳам мумкин деб ўйлаганлар боис бу ишни жаннатга қолдиради. Бунинг оқибатида уларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши камайиб кетади.  

Диний оқимлар тарафдорларининг ҳаётий аъмоллари ва устувор вазифалари ўзига хос тизим қиёфасида шаклланганки, бундан уларнинг ўзларига ҳам, оиласига ҳам, давлати-ю миллатига ҳам зиғирча фойда бўлмайди.

Зайниддин Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакилли (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 29/05/2020 14:29;   Кўрилганлиги: 1240
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/buzgunchi-oqimlarning-belgilari
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 20:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг