Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲДА ФИТНАЛАР МАСАЛАСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ (2-мақола)

 
 

Имом Бухорий ҳазратларининг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асаридаги “Фитналар” китобининг иккинчи бобида 7052- рақам билан келган ҳадиси шарифда мусулмон киши фитналарга дуч келанда нима қилмоқ кераклиги аниқ ва равшан баён қилинган:

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз? У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” – дедилар”.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар.

Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган ман-ман, мутакаббир кишиларни ва ислом динига номувофиқ ишларни гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.

 Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?

Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар нажот топишлари мумкинлигини сўрадилар.

 У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”

Расулуллоҳ мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки, бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини – фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, – деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар. [1]

Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.

Ҳадисдан олинадиган истифодалар:

  1. Фитналарга тўлган замонлар Расулуллоҳ вафотларидан кейин келиши.
  2. Мол-давлат инсонни дунёнинг турли фитналарига солиши.
  3. Мусулмонлар орасида ҳам дин-диёнатдан кўра бу дунё бойликларига кўпроқ эътибор берадиган кишилар пайдо бўлиши.
  4. Мусулмонларни нафратлантирадиган ишларни кўпайиши.
  5. Дунё ва дин ишларини олим кишилардан маслаҳат сўраб бажариш.
  6. Мусулмон кишилар юрт амирига, подшоҳига итоат қилиши лозим эканлиги.
  7. Билмаган ишнинг ҳикматини раҳбардан сўрашнинг жоизлиги.
  8. Фитнали замонлар келганда ҳам мусулмонлар ўз зиммаларидаги Аллоҳнинг ҳақларни унутмаслиги.
  9. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилиши.

Мазкур бобнинг 7053- рақам билан келган ҳадиси шарифда ҳам жамият фуқароларини ўзаро иттифоқликка чақириб, фитналрадан эҳтиёт бўлишга буюрилади:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин. Чунки, султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият (ислом динидан бехабар, жоҳиллар) ўлимини топади!” – дедилар”.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

“Кимки ўз амири (бошлиғи)нинг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин.”

Агар ҳадиснинг мазкур жумласига эътибор қаратадиган бўлсак, мусулмон киши ўзига бошлиқ этиб тайинланган ҳар қандай кишига итоат қилиши лозим. У бошлиқнинг баъзи томонлари унга ёқмаса, сабр қилиши, бесабрлик ортидан бирор фитна бошлаб қўйишдан сақланиш керак бўлади. Зеро, ҳар қандай фитнанинг аввалида бесабрлик туради. Бесабрлик инсонни тўғри йўлдан адаштириб, итоатсизлик ва туғёнга етаклайди. Пайғамбаримиз туғён ва итоатсизликнинг олиб борадиган натижаларини баён этиб:

“Чунки, султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият (ислом динидан бехабар, жоҳиллар) ўлимини топади!” – дейдилар. Подшоҳнинг итоатидан чиқиш юртда тартибсизликлар ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлади. Фитна бошланган жойда эса албатта маърифат ўрнини жаҳолат, адолат ўрнини разолат эгаллаб, турли жиноятлар авж олади. Шунинг учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам юрт бошлиғининг итоатидан чиққан киши иймонсизнинг ўлимини топади, деб бу йўлдан огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Ҳадисдан олинадиган истифодалар:

  1. Ҳар бир ишда, хоссатан эътиқодга боғлиқ ишларда киши сабрли бўлмоғи кераклиги.
  2. Фитна бошланганда фитнага қарши илм билан қарши турмоқ.
  3. Ҳикмат билан панд-насиҳат қилмоқ.
  4. Панд-насиҳат қилиш фитна қўзғаш эмаслиги.
  5. Бошлиқларимиз томонидан бизни нафратлантирадиган ишлар содир бўлса ҳам сабр қилиб, уларга итоат этиш.
  6. Ўз юртининг подшоҳини итоатидан чиқан киши, ҳох унга исён қилсин, ҳох исён қилмасин, у ўладиган бўлса жоҳилият ўлимини топиши.
  7. Мусулмон киши токи тирик экан раҳбарга итоат қилиши шарт эканлиги.
  8. Подшоҳга нисбатан исён куфрга элтувчи йўл эканлиги.
  9. Юқорида келтирилган ҳадислар замирида агар золим бўлса ҳам раҳбарга қарши чиқмаслик ва фақиҳларга итоат қилишни шартлиги мавжуд.
  10. Раҳбарга итоат қилиш унга қарши чиқишдан афзалроқ эканлиги.
  11. Мусулмон киши ҳар бир ишда сабрли бўлиши.
  12. Қиёматда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари билан Кавсар ҳовузи ёнида учрашишлари.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ҳадислари билан биз умматни турли фитналар домига тушиб қолишдан огоҳ этиб, доим ҳушёр бўлишга, улардан сақланишга чорладилар.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 191-оятида: “Фитна – қатл этишдан ҳам ёмонроқдир”[2] деб марҳамат қилмоқда. Яъни, фитнанинг гуноҳи одам ўлдиришнинг гуноҳидан оғир эканлиги айтилмоқда. Шундай экан, ҳар бир инсон ўзини, оиласини фитналардан сақлаши фарз айндир. Фитналардан сақланиш масаласида ҳар бир инсон фитнага олиб борувчи сабаблардан ўзини ва тили ҳамда қўлини сақламоғи лозим бўлади.

Ўтган солиҳ уламоларимиз фитнадан сақланиш учун шундай дуо қилишаркан:

“Эй Аллоҳ! Диндан қайтишлик ёки фитнага мубтало бўлиб қолишимизда сендан  паноҳ тилаймиз”. (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, айни биз яшаб турган бу замон ҳам турли фитналардан холи эмас. Бир томондан диндан ўз мақсадлари йўлида фойдаланаётган Туркистон ислом ҳаракати, салафийлар, ИШИД каби диний экстремистик оқимларнинг фитнаси бўлса, иккинчи томондан исломофобия, яна бир томондан миссионерлик балоси фарзандларимизга кўз олайтириб турган бўлса, бошқа томондан “оммавий маданият” ва “демократия” ниқоби остида турли инситутлар ўзларининг тарғибот майдонларини кенгайтириш йўлида ҳаракатлар олиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек; “бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга” бўлган бу давр мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси зиммасига доимий огоҳлик ҳамда бу каби фитналардан сақланиш вазифасини юклайди. Шунингдек, “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият”га эга бўлиб турган бу даврда жамиятимизнинг ҳар бир зиёли кишиси, хоссатан муқаддас динимиз ҳимоячилари ва фуқароларимиз эътиқодининг қалқони бўлган дин арбоблари, имом-хатибларимиз зимасига муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат атрофида жипслашиб, ёт фикр-мафкураларга қарши миллий мафкурамиз билан, вайронкор ғояларга қарши бунёдкор ғоялар билан, динсизлик жаҳолатига қарши миллий маърифат билан курашишдек улкан масъулиятларни юклайди.  

Ушбу масъулиятни ҳис қилган ҳолда жорий йилнинг 10 июн куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрининг “Регистон” майдонида “Ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида Республика конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур кофренцияда кўтарилган муаммолар бўйича Самарқанд вилоятининг бир қанча туман марказий масжидларида ва Имом Бухорий халқаро марказида мавзуга оид илмий-амалий тадбирлар ҳам ўтказилди.

[1] Имом Муслим. “Саҳиҳу Муслим”, Фитналар китоби. 730-ҳадис.

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирни. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2009. Бақара сураси, 191-оят.

Нодир ҚОБИЛОВ - Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби,

Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


Киритилган вақти: 22/11/2019 15:31;   Кўрилганлиги: 1269
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/al-jomi-as-sahihda-fitnalar-masalasining-yoritilishi-2-maqola
Чоп этилган вақт: 17/04/2024 02:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг